YANGILIKLARДОЛЗАРБ МАВЗУ

ДОЛЗАРБ МАВЗУ

Қайсар боланинг қуйилиши

Маҳалламизда серфарзанд оила бўларди. Тўққиз ўғил, икки қиз ичида кенжаси негадир бошқачароқ. Бу шумтаканинг қилиқларидан жабр чекмаган одам йўқ. Бутун қишлоқ аҳли – каттаю кичик тўполончидан додлар, отасига шикоят қилиб ҳам бирор натижага эриша олмасди. Охири безорининг «ҳунар»ларидан безган ота “қулоқсиз” фарзандини вақтинча шаҳарда яшайдиган тоғасиникига жўнатиб юборгачгина, қишлоғимизда тўла осойишталик ҳукм сура бошлади.

Бу воқеани болалик хотираларимга қоришиқ ҳолда баъзан эслаб тураман. Улғайдик, яхши-ёмоннинг, оқ-қоранинг фарқига борадиган бўлдик. Ўша боланинг кейинги тақдири қандай бўлди, деб ўйлаётгандирсиз? Тўғриси, “Қайсар, тўполончи бола ким ҳам бўларди?” деган хаёлга борганим учун ўзим ҳам баъзан уялиб кетаман. Эшитганларим бу тахминимни йўққа чиқарди. Ҳаёт чархпалагини қарангки, ўша маҳмадона бугун ҳуқуқ-тартибот идорасида ишлайди. Безори, ҳуқуқбузар, тарбияси эътиборталаб болаларни тўғри йўлга солиш, улар билан профилактик чора-тадбирлар кўриш масалалари билан шуғулланади.

Нега бу воқеани ёдга олдим? Сабаби, ҳар қандай қайсар болани тўғри йўлга солиш мумкин. Бу бола тарбиясига қандай ёндашиш, таълим-тарбия беришга боғлиқ. Шумтака тоғасиникига келганидан кейин бир ҳафтадаёқ яхши томонга ўзгарибди. Қандай қилиб? Тоға ўйинқароқ жиянининг тарбиясини психолог тавсиясига биноан олиб боради. Шўхлик қилган жиянини уришмайди, балки унинг ижобий жиҳатларини эътироф этади. “Сен кўп ишларга қодирсан. Яхши ўқиб ўргансанг, сендан етук мутахассис чиқади...” деб уни руҳлантиради. Қишлоқда ҳаммадан дакки, ҳақорат эшитавериб ширин сўзни унутган ўсмир бундай мулозаматдан “эриб” кетади ва барча имкониятларини ишга солиб аълочи бўлишга интилади. Хулқ-атвори бутунлай ўзгариб, ўз хатолари нимада эканини англаб етган қаҳрамонимиз кейинчалик Ички ишлар академиясига ўқишга киради...

Боланинг бегонаси борми?

Одам боласи фариштадек пок бўлиб туғилади. У вақт ўтиши билан ички ва ташқи таъсир натижасида ўзгара бошлайди. Демак, ота-она, оилавий муҳит, маҳалланинг эътиборсизлигидан хулқи ёмон бола пайдо бўлади. Халқимиз бежиз “Дунёга келтирган эмас, тарбия қилган она” дея таъкидламайди. Ота-онага қачон раҳмат айтилади? Тарбияли боласи эл-юртга нафи тегадиган инсон бўлиб улғайсагина, ота-она шаънига илиқ фикр айтилади. Юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши, зарур чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши, ҳаётга татбиқ этилиши ота-онанинг ўз фарзандига ғамхўрлик кўрсатиши, унда инсоний фазилатларни шакллантириши билан ҳамоҳангдир. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги «Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан 14 та халқ таълими бошқармаси, 193 та ХТМФМТТЭБ ҳамда барча умумтаълим мактабларида «Оила — маҳалла — таълим муассасалари» ҳамкорлиги жамоат кенгашлари ташкил этилди. Ушбу жамоат кенгашлари 14 та вазирлик, идора, республикадаги жами ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда вояга етмаганлар қаровсизлиги ва улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш, турли ёт ғоялар таҳдидидан ҳимоя қилиш каби кўплаб йўналишларда иш олиб бормоқда.

— “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг йилдан-йилга камайишига катта ҳисса қўшмоқда, — дейди жамоат кенгаши котиби Жамолиддин Камолов. — Ютуқлар ҳақида кўп гапирамиз, танқид — келажакнинг меваси. Бошқача айтганда, муваффақият ўзимизники, камчиликни бартараф этиш керак. Жамоат кенгашлари фаолиятини ўрганиш давомида аниқландики, айрим ҳудудларда уч томонлама ҳамкорлик хўжа-кўрсинга тузилган. Раисда ташаббускорлик етишмайди, у белгиланган вазифага масъулиятсиз, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмаслиги натижасида вояга етмаганлар ўртасида турли муаммолар юзага келмоқда. Баъзи жойларда жамоат кенгаши аъзолари ўртасида иш тақсимоти умуман йўқ. Кенгаш аъзоси нима қилишини билмайди. Идора ва ташкилотлар ўртасида алоқа ўрнатилмаган. Йиғилишда айрим жамоат кенгаши аъзолари турли важларни баҳона қилиб, қатнашмайди. Жамоатчилик ишига беписанд қараётган шахсларга нисбатан қатъий чора-тадбирлар қўллаш керак.
 
Дарвоқе, ўқувчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини таҳлилий ўрганиш шуни кўрсатадики, жиноятлар сони камайган. Ёшлар ўртасида бир мартагина ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилиши ҳам тегишли ташкилот вакилларини ҳушёр торттириши керак. Бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш зарур. Агар жамоат кенгашлари ўз ишига масъулият билан ёндашса, ўқувчилар билан боғлиқ майда ҳуқуқбузарликлар кузатилмас эди. “Маҳалланинг ёшлар тарбиясидан бошқа қиладиган иши йўқми?”, “Бузғунчилик қилса менга нима, ота-онаси бор-ку?”, “Ўқитувчи ўқувчига фақат таълим беради, тарбияси, юриш-туришига жавобгар эмас”, “Бола-да, нотўғри иш қилаётганини билмаган, улғайса эси кириб қолади” каби гаплар жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келмаяптими? Бугун биз эътиборсиз бўлган боланинг қилмиши эртага фарзандларимизга, эл-юртга зарар етказиши мумкин. Буни унутишга ҳаққимиз йўқ.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Унинг таълим-тарбиясига ота-она, педагог, маҳалла аҳли, умуман, барча-барча масъул бўлмоғи лозим. Фарзанднинг қорнини тўйдириш, устини бут қилиш билангина кўзланган мақсадига эришган ота-она бор бўлса, айтинг! Болалигидан маънавиятли, ҳур фикрли қилиб тарбияланган, қизиқиш ва қобилиятига қараб касб-ҳунарга тўғри йўналтирилган ўғил-қизларимиз ҳаётининг кейинги босқичларида ҳам қоқилмайди, жамиятдан ўзининг муносиб ўрнини топади. Фаолияти яхши йўлга қўйилмаган жамоат кенгашлари ўз камчиликларини англаши, вазифасига нисбатан масъулиятни ошириши, ишини тўғри ташкил этиши вояга етмаганлар таълим-тарбиясининг ўнгланиши, ижобий томонга ўзгаришида муҳим роль ўйнайди.

Кўнгилсизлик бекорчиликдан келиб чиқади(ми?)

Бола тарбиясини энг аввало оилада бошлаш керак. Президентимиз таъкидлаганидек, “Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан, мамлакат барқарордир”. Юртимизда оилаларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Оила йили”, “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Баркамол авлод йили”, “Мустаҳкам оила йили” “Обод турмуш йили” “Соғлом бола йили”, “Соғлом она ва бола йили”... Мамлакатимизда йилларга қўйилган номлар ҳам оила фаровонлиги, фарзанд тарбияси, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга мунтазам эътибор қаратиб келинаётганини далиллайди. Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Меҳнат  вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Оила” илмий-амалий маркази каби қатор давлат, нодавлат жамоат ташкилотлари оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Маҳалла — халқ виждони, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича бош мутахассиси Дилшод Жалилов. — Зеро, оилалар мустаҳкамлиги, миллий ғоя ва мафкура тарғиботи, эл-юрт фаровонлигида маҳалла тизимининг ўрни беқиёсдир. Бунинг исботи нимада кўринади? Маҳаллада қўни-қўшничилик муносабатлари аслида қадимий даврларга бориб тақалади. Қўшнилар ўзаро ҳамжиҳат бўлса, бу маҳалладан безори чиқмаган. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. 2015 йил давомида ўтказилган 7857 та рейд натижасида тунги вақтда ота-она рухсатисиз юрган 1881 нафар вояга етмаганлар аниқланди. 2015 йилнинг 16-17 октябрь кунлари олиб борилган “Ўқувчи” рейдида интернет-кафе, савдо-сотиқ ва бошқа жойларда вақтини ўтказаётган ўқувчилар аниқланиб, уларнинг дарсга бормаслик сабаблари ўрганилди. Мавжуд муаммолар юзасидан ўқитувчи, ота-она ва тегишли маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш ташкил этилди. Чора-тадбирлар белгиланиб, ўқувчиларни ўз таълим масканларига қайтардик. Махсус мактаб-интернат ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига юборилган болалар қатъий назоратга олинмоқда.

Дарвоқе, фонд вакили таъкидлаб ўтганидек, дарсга узрли сабабсиз келмаётган ёки мунтазам қатнашмаётган ўқувчиларни аниқлаш, тегишли чора-тадбир белгилаш мақсадида Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида туман (шаҳар) марказларида ҳар чоракда “Ўқувчи”, “Ўсмир”, “Давомат”, “Ғамхўрлик”, “Ойна” каби профилактик-огоҳлантирув тадбирларининг мунтазам ўтказилиши интернет-кафеларнинг кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

– Ҳар қандай кўнгилсизлик, бекорчилик, назоратсизлик оқибатида келиб чиқади, – дейди Келес шаҳридаги “Оқибат” маҳалласи раиси Баҳодир Қосимов. – Шу боис маҳалламизда истиқомат қилаётган ёшларнинг кундалик ҳаёти, оилавий аҳволи, ўқув жараёнини назорат қилиб келамиз. Диний экстремизм, терроризм каби ёт ғоялар таъсиридан ёш авлодни ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини кенгайтириш маҳалла фаоллари зиммасига юклатилмоқда. «Ўзбекистон — ватаним маним!», Маҳалла — тарбия маскани», «Ислом дини ва унинг моҳияти», «Диний экстремизм ва унинг қиёфаси», «Терроризм ва унинг салбий оқибатлари» каби мавзуларда ўтказилган давра суҳбатларида 58-умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этади. Маҳалламиз фаоллари билан нотинч оилаларга тез-тез кириб, фарзандлари тарбиясини ўнглаш бўйича маслаҳатлар бериб борамиз. Аммо ота-онанинг ўзи бир аҳволда бўлса, боласини тўғри йўлга солиш осонми? Тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам олиб борибгина биз фарзандларимизни экстремизм ва террористик кучларнинг нопок ва ғаразли ниятларидан сақлаб қолишимиз мумкин.

Меҳрга муҳтож қизлар

Таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилишига қарамасдан, эътиборталаб болалар отнинг қашқасидек ажралиб туради. Вақтини бефойда ишларга сарфлаётган бундай ўғил-қизларнинг йўлдан адашишига, дарсга бормасдан кўча-кўйда санғишига сабаб нима? Охир-оқибатда уларнинг тақдири қандай кечади? Яхшиси, бу саволга боши деворга минг урилиб, кўзи очилган тақдир эгалари жавоб беришса:

Ота-онамнинг жанжали, зиддиятлари ичида катта бўлдим. Отам ичкиликнинг «қул»и, онам бозор деса вақтини ҳам, нақдини ҳам аямасди. Отам ойлаб хизмат сафарида, онам ҳафталаб зиёфатда, мен эса кунора бувимникидаман. Улар мендан дарсга қатнашишим, қандай ўқиб-ўрганаётганим, одоб-ахлоқимни сўраш ўрнига “Отанг нима деди?”, “Онанг нима қилди?” каби саволлар билан “билимим”ни синарди...”.

Чиноз туманидаги 5-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда таҳсил олаётган 14 ёшли бу қиз ота-онасининг лоқайдлиги, уруш-жанжали сабабли дарсга бормасдан кўча-кўйда дайдигани, ўғрилик қилгани учун ушбу муассасага келиб қолганини кўзда ёш билан сўйлайди. Қизчанинг меҳр-муҳаббатга ташна юз-кўзига боқиб, ҳаётда кўп қийинчилик кўрганини билиш қийин эмас. Ота-она меҳрига зор бу ўсмир қиз нафақат маънавий, балки моддий томондан ҳам қийналади. Ўқишдан кўра пул топишни афзал билади. Ресторан ва ошхоналарда хизмат қилган ўқувчи қиз ўзини таъминлайди. Энг ёмони, ўғриликка қўл уради.

Йўлдан адашган бундай ўғил-қизлар суд ажрими асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган йўлланма бўйича алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга жойлаштирилади. Бундай муассасалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 26 ноябрдаги “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 268-сон қарорига мувофиқ ўз фаолиятини олиб боради.

Чиноздаги мактаб-интернат 2006 йилда ташкил этилган. Уларга 11 нафар ўқитувчи ва 8 нафар тарбиячи бош-қош. Мактаб-интернат директори Феруза Жумаева шуни таъкидлайдики, ҳар бир қизнинг қизиқиши, орзу-истаги, муаммо ва камчилиги, фикр-мулоҳазалари чуқур ўрганилади, тарбияланувчиларнинг характери, дунёқараши, ижобий ва салбий жиҳатларига қараб таълим-тарбия жараёни ташкил этилади.

— Комил инсон ибратли оилада вояга етади, — дейди Феруза Жумаева. — Агар оилавий муҳит соғлом бўлса, улғаяётган фарзанд ўзининг ақл-заковати билан оиласига, жамиятга, давлатга наф келтиради. Муассасамиздаги тарбияланувчилар онги оиладаги нотинч вазият, эр-хотин ўртасидаги жанжал, носоғлом муҳит оқибатида бузилган. Уларнинг ҳар бири ўзига хос истеъдод эгасидир. Қизларнинг орзу-истаклари, билим ва маҳоратига кўпинча ота-оналари қарши чиққан, қўллаб-қувватламаган. Оиласи тинч одам хотиржам, фарзандига тўғри тарбия беради, ишида унум бор, уйига, болалари бағрига ошиқади. Тарбияланувчилар билан илк қиладиган ишим — уларнинг оилавий муҳитини ўрганиш. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “... оиладаги маънавий муҳит ва тарбия туфайли бола ё меҳрибон ва раҳмдил ёки худбин ва бағритош бўлиб вояга етишини тушуниш қийин эмас”. Болалар билан суҳбатлашиш чоғидаёқ давлатимиз раҳбарининг фикрлари нақадар ҳаётий эканини англайман. Буни интернатимиздаги тарбияланувчиларнинг тақдири мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Интернатимизга қабул қилинган бир қизни «гапиртириш» учун бир ҳафта уриндик, натижа йўқ. Оилавий аҳволини суриштириб билганимизда, қизнинг онаси эри билан ажрашганидан сўнг бошқасига турмушга чиқади. Янги оилада ўгай қиз деярли ҳеч ким билан гаплашмаган, у на “янги” отаси, на онаси меҳридан баҳраманд бўлган. Бошқа мактаб, нотаниш синф¬дошларига кўниколмаган қизча мактабга ҳам бормай қўйган. Икки йил ичида қувноқ қизалоқ одамови бўлиб қолган.

Яна бир мисол: сурхондарёлик тарбияланувчимизни уйига олиб кетиш учун отаси келди. Қиз эса “Уйга кетмайман, шу ерда қоламан”, дея роса тўполон кўтарди. Отаси “Уйдагиларни соғинмадингми? Онанг, опаларинг қайтишингни интизор бўлиб кутишаяпти”, деса, қизча “Йўқ, уйга бормайман, онам соғинган бўлса ўзи келсин. Опаларимни кўришни хоҳламайман” дейди. Отаси ичкиликка ружу қўйган, ўгай онаси ва опаларининг таъна-дашномларидан тўйган қизчани биз тушундик. Аммо ота фарзандининг ички кечинмаларини ҳис этиш у ёқда турсин, тушунишни ҳам истамасди.

Интернатда тарбияланган қизлар оғир характер ва салбий одатлардан бутунлай халос бўлади. Ўтган йили баҳорда Самарқанддан келган қиз жуда қайсар ва жанжалкашлиги маълум бўлгач, у бир-икки кун ўз ҳолига қўйилди. Қизча текканга тегиб, тегмаганга кесак отарди. Охири у зерикди. Қизларга қўшилиш, дўстлашиш учун характерини ўзгартириши кераклигини тушунди. Тенгқурлари нима қилса, у ҳам шуни бажарди. Тўрт ойдан кейин уни отаси олиб кетди. Бироз вақтдан сўнг онаси телефон қилиб миннатдорлик билдирди. “Болаларга меҳр бериш керак экан, ҳаёт ташвишларига ўралашиб, фарзандларга эътибор қаратмай қўйибмиз”, дея ўз хатосини тушунган онадан педагог ходимлар хурсанд. “Рўзғор ишларига умуман қарашмаган» қиз ҳамма ишни ўзи эплай бошлагани қувонарли ҳол, албатта.

Феруза опанинг ҳаётий воқеалар билан асослаб берган фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Ҳақиқатан ҳам, жанжалли, ота-онаси кунора уришадиган хонадонда бола ҳам нотинч, руҳан эзилади. “Катталарнинг бақир-чақири, бир-бирини камситишу ҳақоратларини тинглагандан кўра ҳеч ким сенга индамайдиган кўчада тентираган афзал”. Мактаб-интернатдаги қизлар аввал шундай ўйлаган бўлса, кейинчалик улар бутунлай бошқа томонга ўзгаради. Андижонлик Нафиса исмли қизалоқнинг гапларини тингланг:
– Ота-онам деярли уйда бўлмасди. Шу боис хоҳласам дарсга борардим, хоҳламасам кўчада юрганман. Уйда ҳеч ким бўлмаса, менга байрам. “Эркинлигим”ни олиб қўймаса бўлди, деб ўйлардим. “Озодлигим” ўзимга зиён етказаётганини шу ерга келиб англадим. Ота-она меҳрига ташнаман. Уларнинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлмаганим учун худбин, бағритош бўлиб кетибман. Ота-онамнинг келажагим учун пул топишини эмас, меҳр-муҳаббат беришини, мен билан дўстона гаплашишини, орзу-ниятларимни тинглашини, бирга музей ёки кинога боришларини истаганман...

Мактаб-интернатда тўгараклар фаолияти намунали йўлга қўйилган. Тарбияланувчилар дарсдан сўнг тикиш-бичиш, бисер тўқиш, тасвирий санъат, спорт тўгаракларига шошишади. Тасвирий санъат тўгарагида расм чизаётган ўқувчиларни кузатамиз. Нозик қўллар оппоқ қорга бурканган борлиқни, давлат рамзларини, адирларда бўй кўрсатган гулу лолаларни чизмоқда. Бир олам тасаввур, завқ! Навоийлик қиз чизган расмга қараймиз. Бир қарашда оддий – ота-она ва фарзандлар. Ажабланарлиси, ота ва қиз алоҳида, она ва ўғил алоҳида чизилган. Муаллифдан бунинг маъносини сўрадик. Қизча “Бу мен ва дадам. Буниси иккинчи онам ва ўгай укам”, дейди. “Уларни нега ажратиб чиздинг?” деган саволимизга “Мени фақат отам яхши кўради...” дея жавоб берди.

Машҳур инглиз олими Тимоти Уинтер оила тотувлиги, фарзандлар тарбияси XXI асрда нақадар муҳим аҳамият касб этаётганини уқтиради: “Ота-оналарнинг иши шунчалик кўпайиб кетаётганидан овқатланиш вақти ҳам ўз қатъийлигини йўқотиб, консерва очиб ейиш одатга айланиб бормоқда. Аслида, у бутун оила аъзоларини меҳр ришталари билан бир-бирига боғлайдиган ва орзиқиб кутиладиган фурсат бўлиши керак. Афсуски, бунинг иложи бўлмаяпти. Чунки ота-оналар эрталаб фарзандлари уйғонмасдан туриб ишга отланадилар ва уларни кутиб-кутиб ухлаб қолганларида кириб келадилар. Натижада оила аъзоларининг уйга ва бир-бирига тегишлилик ҳисси йўқолиб бормоқда. Айни чоғда болалар уйни тарк этади. Чунки улар ўзларини уйда ҳеч нарса ушлаб турмаётгандек ҳис этадилар”.

“Facebook”га аъзомисиз ё кутубхонага?

Ғарб олими Тимоти Уинтернинг бу гаплари, афсуски, бугунги баъзи ўзбек оилаларига жуда тегишлидек, назаримизда. Нима демоқчи бўлганимизни зийрак газетхон тушуниб етди. Кечаю кундуз иш, уй-рўзғор деб чопа-чоп қиламиз-у, фарзандларимиз таълим-тарбияси учун алоҳида вақт ажратолмаймиз. Улар нима деса, муҳайё қилишга уринамиз. Тенгдошидан кам бўлмасин дея қимматбаҳо компьютеру телефонларни (еб-ичишдан қисиб бўлса ҳам) олиб берамиз. Бироқ бундай технологиядан нима мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиш муҳтарам ота-оналаримизнинг хаёлига ҳам келмайди.

Бир неча йил олдин газетамизда Тоҳир Маликнинг “Жиноятнинг узун йўли” деб номланган туркум мақолалари чоп этилган эди. Ўсмир ёшлар тўғри йўлдан нега адашади? Қандай вазиятда у жиноятга қўл уради? Мазкур асарда саволга жавоб сифатида турли фикр-мулоҳаза, ибратли ҳикоя ва ривоятлар келтирилган. Муаллиф ёш авлод одоб-ахлоқининг бузилишига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида гапирар экан, ўз фикрини қўйидагича изоҳлайди: “Кейинги йилларда болаларнинг бўш вақтлари кўпроқ телевидение ва видео томошалари билан банд бўляпти. Ҳатто ҳазил аралаш «телебола» деган атама ҳам пайдо бўлди. Бу «телебола»лар атрофларидаги барча гўзалликларни рад эта бошлайдилар. Францияда қизиқарли тадқиқот ўтказишибди. Уч мингта болага “Телевизор яхшими ё отангми?” деган саволни бериб, қарийб икки мингтасидан “Телевизор яхши”, деган жавобни олишибди. Буни бир неча давраларда айтиб, эшитганлар юзида ташвиш кўрмадик. Деярли барча латифа эшитгандай кулимсираб қўйди. Аслида бундай хабар барчани ўйлантириб қўйиши керак. Францияда бу тадқиқотни шунчаки бекорчиликдан ўтказишмагандир. Тарбияга доир ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини аниқлаш учун қилишгандир. Шунга яраша чоралар кўришар. Хўш, бу ҳолатнинг бизга алоқаси йўқми? Тўғри, бизда икки мингта бола «Отамдан телевизор яхшироқ», деб жавоб бермас. Агар уч мингта боладан учтаси шундай жавоб қайтарса ҳам, ташвишланишимиз зарур эмасмикан? Бугун учта бола шундай деб турса, эрта-индин уларнинг сони ошмасмикан? Орадан кўп вақт ўтмай ўша Франциядаги натижа бизда ҳам қайд этилмасмикин? Бу муаммо хусусида қачон бош қотирамиз? Уч мингта боланинг ҳаммаси бир овоздан отадан кўра телевизор афзаллигини таъкид этгандами?”.

Бугун биз ҳам французлар уюштирган сўровномани ўтказадиган бўлсак, саволни “Facebook”га аъзомисиз ё кутубхонага?” шаклида берамиз. Жавоб берувчи ёшларнинг 90 фоизи “Facebook”да ўзининг “бор”лигини айтади. Ҳартугул, ўн фоиз ўқувчи кутубхонага аъзо экан, дея ўйлашга шошилманг! Уларнинг интернетга кирмаслигига асосий сабаб – замонавий телефонининг йўқлигидир. Улар ҳам янги телефон оладиган бўлса, биринчи бўлиб “Facebook”га аъзо бўлади.

Ниҳолнинг ўсиши боғбонга боғлиқ

– Тарбияга тамал тоши оилада қўйилади. Оила фаровонлиги тинчлик, саломатлик, фаровонликка боғлиқ. 2016 йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилинишидан мақсад оилалар фаровонлигини, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишини таъминлашдир, – дейди “Оила” илмий-амалий маркази бўлим бошлиғи Маҳбуба Ҳамидова. – Бу борада энг катта масъулият ота-оналар зиммасига тушади. Лоқайд, фарзандига эътиборсиз ота-оналар кўпайса, билингки, тарбияси эътиборталаб болалар кўпаяди. Марказимиз мутахассислари оилалар ажримига барҳам бериш, носоғлом муҳитдаги оилаларни ўз вақтида аниқлаб, тарбиявий-профилактик ишларни амалга ошириш бўйича турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. “Оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ота-онанинг роли”, “Болалар тарбияси бузилиши ва унинг олдини олиш юзасидан ота-оналарга маслаҳат”, “Оилада ота-она ва фарзандларнинг бурч ва масъулияти”, “Ота ва она бўлиш масъулияти”, “Қиз боланинг қирқ ҳунари бўлса”, “Шарқона тарбия”, “Ораста қиз ёндафтарчаси” каби қўлланмаларни чоп этдик. Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ОИТС/ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган услубий тавсия, буклет, слайдлар тайёрланиши ва таълим муассасаларига тарқатилиши ўз натижасини бермоқда.

Доно халқимизда кўҳна қиёс бор: фарзанд янги экилган ниҳол кабидир, қандай парваришласанг, шундай ўсади. Гўдак ёзилмаган қоғоз мисол соф табиатли, пок ниятли бўлиб туғилади. Ўғил-қизларимизнинг беадаб, бадфеъл бўлиб улғайишига шароит яратиш бутун жамият учун фожиадир. Биз вояга етказган болалар эл-юрт олқишини олсин. Юртимиз биз таълим-тарбия берган йигит-қизлар қўлида яна ҳам тараққий этаверсин. Фарзандларимизнинг Ватанга муносиб авлод бўлиб улғайишида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз зарурлиги ҳеч биримизнинг ёдимиздан кўтарилмасин.

Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири

MANZIL

BIZ BILAN ALOQA

+99871 221-86-42

This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.

Toshkent shahar,

       Yunusobod tumani,
       
       13-mavze, 5-uy

       Pochta indeksi: 100194