TA'LIMPEDAGOGLARGAУмумий ўрта таълим тўғрисида НИЗОМ 140-сон

Умумий ўрта таълим тўғрисида НИЗОМ 140-сон

Умумий ўрта таълим тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш ва умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари барча умумий ўрта таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.

2. Умумий ўрта таълимнинг муддати 9 йил бўлиб, узлуксиз таълим тизимининг мажбурий мустақил тури ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

3. Умумий ўрта таълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.

4. Умумий ўрта таълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.

5. Умумий ўрта таълим муассасасининг устави белгиланган тартибда тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

6. Давлат умумий ўрта таълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.

7. Умумий ўрта таълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

II. Умумий ўрта таълимнинг мақсади ва вазифалари

8. Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш умумий ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.

Умумий ўрта таълим билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради.

9. Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

таълимнинг узлуксизлигини ва изчиллигини, умумий ўрта таълим муассасалари ўқув дастурларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқув дастурлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;

ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш;

меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини онгли равишда танлаш ва касбий таълим дастурларини ўзлаштиришда кўмаклашиш.

10. Умумий ўрта таълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий, ўқув-услубий, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни яратиб беради.

III. Умумий ўрта таълимни ташкил этиш

11. Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I – IV синфлар) ҳамда умумий ўрта таълим (I – IX синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

12. Бошланғич таълим ўқиш, ёзиш, санаш, ўқув фаолиятининг асосий малака ва кўникмалари, ижодий фикрлаш қобилиятлари, ўзини ўзи назорат қилиш, нутқ ва хулқ-атвор маданияти, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи асосларини эгаллашни таъминлашга йўналтирилади.

13. Умумий ўрта таълим умумий ўрта таълим муассасаси битирувчиларига йўналишни ихтиёрий танлаш асосида таълимни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давом эттириш ҳуқуқини беради.

Умумий ўрта таълим мунтазам ва тизимли билимлар олинишини, кенг дунёқараш ҳамда ижодий мустақил фикрлаш шакллантирилишини, ўқувчининг баркамол шахс сифатида камол топишини, унинг қизиқишлари ва ижодий қобилиятларининг ривожлантирилишини таъминлайди.

14. Умумий ўрта таълим мазмуни ўқув режаси давлат ва мактаб компонентлардан иборат бўлади.

Давлат компоненти умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти билан белгиланади ва ўқувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида билимлар асосларини янада пухта ўрганиш ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли бўлган зарурий даражани белгилайди.

Мактаб компоненти ўқувчининг эҳтиёжлари ва қобилиятларидан, мактабнинг моддий-техник ва кадрлар билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб белгиланади.

15. Умумий ўрта таълим муассасаларининг қуйидаги турлари ташкил этилиши мумкин:

бошланғич мактаб (ўқитиш муддати 4 йил: I – IV синфлар);

умумий ўрта таълим мактаби (ўқитиш муддати 9 йил: I – IX синфлар);

айрим фанлар чуқур ўрганиладиганихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати 9 йил: I – IX синфлар);

айрим фанлар чуқур ўрганиладиганихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 5 йил: V – IX синфлар);

футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддат 5 йил: V – IX синфлар);

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат) (ўқитиш муддати 9 (10) йил: I – IX (X) синфлар);

санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 9 йил: I – IX синфлар);

алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати заруриятга кўра).

Таълим турларининг узвийлигини таъминлаш мақсадида ўқув-тарбия мажмуалари ташкил этилиши мумкин.

16. Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга бевосита муассасанинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ташкил этилади.

Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

17. Умумий ўрта таълим муассасаларида иқтидорли болаларни излаш, танлаб олиш ва уларни айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим муассасаларида (синфларида) ўқитиш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилади.

18. Айрим фанлар чуқур ўрганиладиганихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш тартиби ва улар фаолиятининг алоҳида хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

19. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган, алоҳида шароитларда ёхуд узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг таълим олишлари қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда (мактаб-интернатда);

санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда;

инклюзив (уйғунлашган) шароитда яшаш жойларидаги умумий ўрта таълим мактабларида;

уйда якка тартибда;

даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда.

20. Олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг умумий ўрта таълим олишларини ташкил этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумий ўрта таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади. 

Умумий ўрта таълим муассасаларининг филиалларида ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади.

Бошқа умумий ўрта таълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари (кейинги ўринларда – халқ таълими бошқарув органлари) ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг таклифларига кўра, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорлари асосида ўқувчиларининг сони 180 нафаргача бўлган умумий ўрта таълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.

21. Заруриятга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг яшаши ва овқатланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитлар яратилади.

22. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда – ота-оналар) эҳтиёжидан келиб чиқиб, болаларнинг таълим-тарбиясига кўмаклашиш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.

Узайтирилган кун гуруҳларнинг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади. 

23. Янги ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасасида ташкил этиладиган  синфлар сони муассасанинг харажатлар сметасида назарда тутилган кўрсаткичларга тўғри келмаган ҳолларда, ҳудудий халқ таълими бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг розилиги билан қўшимча синфлар ташкил этилади.

IV. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмуни

24. Ўқув йили умумий ўрта таълим муассасаларида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

25. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги – 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);

ўқув ҳафтасининг давомийлиги – 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I синфлар учун 5 кун);

дарс машғулотининг давомийлиги – 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги – 5 – 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги – 15 – 30 дақиқа).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

            26. Ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланади:

кузги таътил – 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;

қишки таътил – 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;

баҳорги таътил – 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;

ёзги таътил – охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан) бошлаб 2 сентябргача.

Таътилнинг охирги куни байрам (ишланмайдиган) кунга тўғри келиб қолган тақдирда, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади.

I синф ўқувчилари учун февраль ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.

27. Умумий ўрта таълим муассасаларида ёзги таътил кунлари кундузги оромгоҳлар ва соғломлаштириш майдончалари ташкил этилиши мумкин.

28. Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумий ўрта таълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида, шунингдек ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда 35 нафардан ошмайдиган миқдорда белгиланади.

Кам комплектли умумий ўрта таълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони I – IV синфларда умумий 8 нафаргача бўлганда;

ўқувчилар сони учта бошланғич синфларда умумий 12 нафаргача бўлганда;

ўқувчилар сони иккита бошланғич синфларда (I ва III, II ва IV синфлар)
24 нафаргача бўлганда.

29. Малакали ўқитувчилар етарли бўлган қуйидаги ҳолларда синфдаги ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилади:

ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг I – IX синфларида “Чет тили” фани, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим муассасаларида ихтисослашган фанлар, V – IX синфларда “Информатика” ва “Меҳнат таълими”,  VIII – IX синфларда “Жисмоний тарбия”, таълим тили ўзбек тили бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларининг II – IX синфларида “Ўзбек тили” фани ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган умумий ўрта таълим муасасаларининг II – IX синфларида “Рус тили” фани бўйича.

30. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

31. Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий ишлар умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ва умумий ўрта таълим дастури асосида амалга оширилади.

32. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат таълим стандартлари асосида янги ўқув йили учун ўқув режа ва унга тушунтириш хати ишлаб чиқилади ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларига етказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига юборилади.

33. Ўқувчиларнинг сифатли билим олишини ва уларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига мос ҳолда ўқитиш натижаларини назорат қилишни таъминлаш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида қуйидаги назорат турлари олиб борилади:

жорий назорат – ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини мунтазам равишда назорат қилиш учун сўровлар, назорат ишлари ва тестлар кўринишида ўтказилади;

            оралиқ назорат – чорак якунида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун ўқув дастурининг бир қисми тугаганда амалга оширилади ва у ёзма назорат иши ва тестлар кўринишида олиб борилади;

            босқичли назорат – ўқув йили тугаганда оғзаки, ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари кўринишида амалга оширилиб, унга асосан ўқувчининг якуний баҳоси, рейтинги аниқланади ва ўқувчини кейинги синфга ўтказишга қарор қилинади;

            якуний назорат – умумий ўрта таълим тугаганидан сўнг якуний давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.

“Чет тили” фанидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси халқаро баҳолаш тизими асосида аниқланиши мумкин.

Умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тасдиқланади.

34. Умумий ўрта таълим муассасаларининг V – VIII синф ўқувчилари тегишли фанлардан босқичли назоратларни муваффақиятли топширганларидан сўнг кейинги синфга ўтказилади.

            35. Тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси ва умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори билан ўқувчилар якуний давлат аттестацияси ва босқичли назоратдан озод этилиши мумкин.

Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати  Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.     

Ўқувчиларнинг халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ҳамда бошқа кўрик-танловлардаги иштироки якуний давлат аттестацияси ва босқичли назорат муддатларига тўғри келиб қолган тақдирда, улар тегишли якуний давлат аттестацияси ва босқичли назоратлардан озод этилади.

Уларнинг билимларини якуний баҳолаш ва рейтингини аниқлаш йиллик баҳолар асосида амалга оширилади.

36. Умумий ўрта таълим муассасасини тугатган битирувчиларга давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, VIII – IX синфлардаги ўқиши даврида фақат аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга эса аъло даражали шаҳодатнома берилади.

Умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатноманинг давлат намунасини тасдиқлаш ва уни бериш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

37. Давлат таълим стандартлари доирасида умумий ўрта таълим дастурларини мустақил ўзлаштирган ўқувчиларга экстернат тартибида якуний давлат аттестациясини топшириш ҳуқуқи берилади. Якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади.

            Экстернат тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

38. Умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ бошқа масалалар (дарс жадвалини шакллантириш, ҳафталик ўқув юклама) умумий ўрта таълим давлат стандартига асосан ишлаб чиқилган ўқув режага мувофиқ белгиланади.

V. Умумий ўрта таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш

39. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида умумий ўрта таълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.

40. Умумий ўрта таълим муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга, умумий ўрта таълим муассасаси битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради.

41. Умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумий ўрта таълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.

Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълим муассасасига жалб этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади. 

42. Умумтаълим муассасаларининг I синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.

            Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, I синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб боради.

            Мактаб ёшидаги болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

44. Болаларни умумий ўрта таълим муассасасининг I синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

ота-оналар томонидан умумий ўрта таълим муассасаси директори номига ариза;

ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);

боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;

боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;

боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

45. Болалар умумтаълим муассасасининг I синфига тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади, мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно.

46. Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ҳамда мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

47. Ўқишга қабул қилинаётган болаларнинг ота-оналари умумий ўрта таълим муассасаси устави, ички тартиб-қоидалари ва таълим-тарбия жараёнини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар билан таништирилиши лозим.

Умумий ўрта таълим муассасасида ҳужжатларни юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

48. Умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти ҳар йили июнь-август ойларида ўқишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур чораларни кўради.

            49. Хорижий фуқароларни умумий ўрта таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

50. Ота-оналар фарзандларини ўқув йили давомида ёки у тугаганидан кейин бир синфдан бошқа синфга ёки бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ўқувчиларни синфдан синфга, бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

VI. Ўқувчилар соғлиғини муҳофаза қилиш ва уларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш

51. Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида ошхона ва буфетлар ташкил этилади. Ошхона ва буфетлар моддий-техника базасининг жиҳозланиши ҳамда ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

52. Ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш умумий ўрта таълим муассасаларига тиббиёт муассасалари томонидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббиёт ходимлари умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти ва педагог ходимлар билан бир қаторда даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этиш, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, овқатланиш режими ва сифатига, ўқувчиларни тиббий кўрикни ўтказиш ва соғломлаштириш учун масъулдирлар.

53. Умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар (махсус жой, мебель ва тиббий жиҳозлар, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар) яратиб берилади.

54. Умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларини ҳар йилги тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

55. Умумий ўрта таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини психологик жиҳатдан таъминлаш психологлар томонидан амалга оширилади.

56. Оғзаки нутқ нуқсонлари ва товуш талаффузида камчиликлари бўлган ўқувчиларга коррекцион-логопедик ёрдам бериш мақсадида умумий ўрта таълим муассасасида ўқитувчи-логопедлар (дефектологлар) фаолият юритадиган логопедия шохобчаси ташкил этилиши мумкин.

Логопедия шохобчасининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

VII. Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини ошириш

57. Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагогик фаолият билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахсларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида бу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

58. Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, касб маҳоратининг рақобатбардош даражада сақлаб турилиши халқ таълими бошқаруви органлари томонидан назорат қилинади.

59. Умумий ўрта таълим муассасаси педагогик жамоа аъзолари ўқитиш йўналишлари (табиий, аниқ, гуманитар, ижтимоий ва бошқа фанлар) бўйича услубий бирлашмаларга бирлашадилар.

60. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларининг (ўқув фанлари ва соатлари бўйича) вазифасини вақтинча бажариб туриш тартиби ҳамда ходимларининг синфдан ташқари фаолиятини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

61. Умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарияти ўқитувчиларнинг обрў-эътибори ва ижтимоий мақомини, уларнинг масъулияти ва касб маҳоратини ошириш бўйича аниқ йўналишли ишларни амалга оширади, уларнинг тизимли равишда малака оширишлари ва ўз устида ишлашлари, таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологиялари, шунингдек янги ўқув дастурлари жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.

VIII. Умумий ўрта таълимни бошқариш

62. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимини Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, халқ таълими бошқарув органлари ҳамда бошқа ташкилот ва муассасалар ташкил этади.

Ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари икки томонлама – Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ҳамда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Тошкент шаҳар, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсунади.

63. Вазирлик ва идоралар тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари бевосита тегишли вазирлик ва идорага бўйсунади.

64. Вазирлик ва идоралар тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари уларни жойлаштириш учун тегишли бино, моддий-техник база (мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт анжомлари ва бошқалар) ҳамда малакали раҳбар ходимлар ва педагоглар мавжуд бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ташкил этилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлиги таъминланган ҳолда, уларни жойлаштириш учун тегишли бино, моддий-техник база (мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт анжомлари ва бошқалар) ҳамда малакали раҳбар ходимлар ва педагоглар мавжуд бўлганда, тегишлича вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорига мувофиқ ташкил этилади.

Нодавлат таълим муассасалари муассис (таъсисчи) томонидан ташкил этилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган лицензия асосида фаолият юритади.

65. Умумий ўрта таълим муассасасига бевосита раҳбарлик тегишли бошқарув органи томонидан тайинланган директор томонидан олиб борилади.

Умумий ўрта таълим муассасаси директори муассасанинг ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилишига бевосита масъул ҳисобланади.

66. Нодавлат таълим муассасаларидаги ҳамда идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча давлат умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнига услубий раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва халқ таълими бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.

67. Умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик ва методик кенгашлар тузилади. Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, таълим жараёни иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида васийлик кенгашлари тузилиши мумкин. Педагогик, методик ва васийлик кенгашларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тартибга солинади.

68. Педагогик кенгаш умумий ўрта таълим муассасасида ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилишида олий бошқарув органи ҳисобланади.

69. Умумий ўрта таълим муассасасида қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқувчиларнинг жамоат бирлашмалари фаолият кўрсатади.

70. Умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

71. Умумий ўрта таълим муассасасининг раҳбар ва педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

IX. Молиялаштириш ва моддий-техник таъминоти

72. Давлат умумий ўрта таълим муассасасининг фаолиятини молиялаштириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

73. Давлат умумий ўрта таълим муассасасига бюджетдан ташқари қўшимча маблағларни жалб этиш бюджетдан молиялаштириш пасайтирилишига олиб келмаслиги лозим.

74. Давлат умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

умумий ўрта таълим муассасасининг тадбиркорлик фаолиятидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатиш, бино ва иншоотларни, жиҳоз ва анжомларни ижарага бериш ва бошқа хизматлардан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

75. Давлат умумий ўрта таълим муассасалари штатидаги ходимлар сони умумий ўрта таълим муассасаларининг намунавий штатларига мувофиқ белгиланади.

Давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг намунавий штатлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

77. Умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларга давлат таълим стандартлари доирасида бепул умумий ўрта таълим берилишидан ташқари, қўшимча (шу жумладан пулли) таълим хизматлари кўрсатилиши мумкин.

Ота-оналарнинг истакларига кўра, умумутаълим муассасаларида пулли хизмат асосида 5-6 ёшли болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлов гуруҳлари ҳам ташкил этилиши мумкин.

78. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк умумий ўрта таълим муассасасининг мол-мулки таркибига киритилади.

79. Умумий ўрта таълим муассасасининг мол-мулки ва пул маблағлари сарфланиши учун бевосита унинг раҳбари жавобгар ҳисобланади.

80. Умумий ўрта таълим муассасаси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ва статистик ҳисобот юритилади.

81. Умумий ўрта таълим муассасаси ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда иш ҳақига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

82. Умумий ўрта таълим муассасаларининг моддий-техник таъминоти ва кадрлар билан таъминланиши белгиланган нормативларга мувофиқ эҳтиёжлар асосида амалга оширилади.

X. Якуний қоидалар

83. Умумий ўрта таълим муассасалари ва халқ таълими бошқарув органларининг халқаро ҳамкорлиги халқаро шартномалар асосида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилади.

84. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан узвий алоқада фаолият кўрсатади.

85. Умумий ўрта таълим муассасаларида уларнинг иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотлар, жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар ташкил этилишига ва фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

86. Умумий ўрта таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун талабларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис (таъсисчи) томонидан амалга оширилади.

Тугатилган умумий ўрта таълим муассасаси муассиси (таъсисчиси) ўқувчиларни ота-оналарнинг розилиги билан бошқа умумий ўрта таълим муассасаларига ўтказиш масъулиятини оладилар.

87. Умумий ўрта таълим муассасаси тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва умумий ўрта таълим муассасаси уставига мувофиқ фойдаланилади.

MANZIL

BIZ BILAN ALOQA

+99871 221-86-42

This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.

Toshkent shahar,

       Yunusobod tumani,
       
       13-mavze, 5-uy

       Pochta indeksi: 100194