« Таълимда саводхонлик – бош мезон»

« Таълимда саводхонлик – бош мезон»

Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Мамлакатимизда Давлат тили ҳисобланган ўзбек тилининг вазифаси улкандир. Тил – миллат вакилларини бирлаштирувчи куч бўлиб, бу бизнинг она тилимизга бўлган муносабатимизга боғлиқ.

Шахснинг тарбияланганлик даражаси ҳам, ривожланганлик даражаси ҳам тилни билиш билан белгиланади. Айни пайтда она тили таълимининг асосий мақсади ўқувчи шахсини фикрлашга, ўзгалар фикрини англашга ва шу фикр маҳсулини оғзаки ва ёзма тарзда саводли баён қила олишга, яъни коммуникатив саводхонликни ривожлантиришга ўргатишдан иборатдир. Зеро, ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ривожлантириш масалалари бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб, мазкур масала ўқувчиларнинг умумий дунёқарашини бойитиш, кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

Бу йил тилимизга давлат тили мақоми берилганига 26 йил (1989) тўлади. Шу муносабат билан таълим муассасаларида тилшунос олимлар, шоирлар, ёзувчилар, ижодкорлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш ва уларни юқори савияда ўтказиш анъанага айланган.

 

       Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Филология фанларига ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби  билан ҳамкорликда  Давлат таълим стандартларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашинув орқали таълим самарадорлигини янги сифат даражасига кўтариш мақсадида жорий йилнинг 17 октябрь куни “Таълимда саводхонлик – бош мезон” мавзусида илмий-амалий анжуман ҳамда 5-синф “Она тили”, “Адабиёт”, “Ўзбек тили” дарсликлари тақдимоти ўтказилди. Мазкур тадбирда республикамизнинг барча вилоятларидаги ихтисослашган мактаблар бўйича мутасадди ходимлар, тилшунос олимлар, дарслик муаллифларидан профессор олимлар Ҳ.Дадабоев, Б.Тўхлиев,  З.Холмонова, филология фанлари номзоди, доцент Г.Мухамеджанова, методистлар ва амалиётчи  ўқитувчилар қатнашдилар. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги Умумтаълим  ва ихтисослашган мактаблар мактаблар бошқармаси бошлиғи А.Носиров  кириш сўзи билан очди. Ихтисошлашган мактаблар учун ўқув режага киритилган ўзгаришлар хусусида Республика таълим маркази Бош методисти И.Усмонова, “Ўзбек тили ва умуминсоний қадриятлар” мавзусида Ўзбекистон миллий университети профессори, филология фанлари доктори Ҳ.Дадабоев, Низомий номидаги ТДПУ профессори, филология фанлари доктори Б.Тўхлиевларнинг маърузалари тингланди. Олимлар ўз маърузаларида она тили ҳаётни билиш, ўқувчиларда юксак маънавий, ахлоқий тушунчаларни шакллантириш, ёш авлоднинг шахсий сифатларини тарбиялаш воситаси бўлиб хизмат қилиши, она тили мазкур тилни эгаси бўлган халқнинг тарихи, маданияти, урф-одати, адабиёти ҳамда санъатини билиш, ўрганиш воситаси ҳам эканлиги, тилимизга давлат тили мақоми берилганидан ўтган давр мобайнида она тили ва ўзбек тили таълимини такомиллаштириш, дарслик ва қўлланмалар мазмунини янгилашга оид  бир қатор ишлар амалга оширилгани, бугунги кунда саводхонлик энг долзарб мавзу бўлиб, мазкур масала  жорий йилнинг апрель ойида ўтказиладиган  анъанавий «Ўзбек тили» доимий анжумани шўъба йиғилишларида ҳам муҳокама қилиниб, тавсиялар ишлаб чиқилгани ҳақида  тўхталдилар.

Вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда тадбир иштирокчилари Филология фанларига ихтисослашган Давлат умумтаълим мактабида илғор педагогик технология асосида она тили, ўқиш, адабиёт, инглиз тили, рус тили, география фанларидан назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминланиши, ўқувчиларда умумий компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган ўқув дастурлари асосида  ташкил этилган очиқ дарсларига ташриф буюрдилар. Очиқ дарслар таҳлилидан сўнг,  21 октябрь Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган кунга бағишланган “Муқаддассан, мунавварим, она тилим” мавзусидаги мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган  ўзбек, рус, инглиз тилидаги саҳна кўринишлари асосида ранг-баранг  чиқишлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.

          Д.Нуриддинова, Республика таълим маркази
Филология фанлари бўлими бошлиғи
19.10.2015

MANZIL

BIZ BILAN ALOQA

+99871 221-86-42

This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.

Toshkent shahar,

       Yunusobod tumani,
       
       13-mavze, 5-uy

       Pochta indeksi: 100194